Sayt sinov yo'sinida ishlamoqda

Saidahmad Hasanxo‘ja o‘g‘li Siddiqiy

(1864 - 1927)

Болалиги. Миллий уйғониш даврининг йирик вакилларидан бири, шоирб таржимон Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий — Ажзий 1864 йили Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани Ҳалвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. Ёшлигида отаси вафот этиб, бобоси қўлида вояга етган.

Маълумоти. Дастлабки таълимни уйда олган Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсилни давом эттирган. Шарқ классик адабиётини қунт билан ўрганган, араб, форс, озарбойжон ва кейинчалик рус тилини ўзлаштирган. 1880 йиллардан ўзи ҳам анъанавий усулдаги шеърлар машқ қила бошлаган.

Фаолияти. 1901 йили ҳаж сафарига борган. Бир қатор Шарқ мамлакатларида бўлиб, ислом дунёсидаги янгиликлар билан танишган, бир неча муддат Жиддада Русия элчихонасида тилмочлик қилган. Сўнг Москва, Петербург шаҳарларини айланиб, Тифлисга, сшнгра Самарқандга келган. 1903 йил Ҳалвойи қишлоғида янги мактаб очган. Ажзий ўзи очган мактабда табиий фанлар, араб ҳамда рус тилларидан сабоқ берган, дарсликлар ёзган.

Сиддиқий Ажзий вақтли матбуот нашрларида ҳам фаол иштирок этган. Ватан, илм-маърифатга бағишланган мақолалари билан Қозон, Оренбург ва Кавказдаги нашрларда ҳам қатнашган.

Сиддиқий 1917 йил феврал воқеаларидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этган. 1918 – 1921 йилларда Самарқанд вилояти Адлия комиссари лавозимида ишлаган. 1922 йилдан эса яна ўқитувчиликка қайтган. 1926 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи унвонини олган.

Илмий-адабий мероси. 1908 – 1910 йиллари Л. Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг “Шинель” повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган.

Ажзий “Айн ул-адаб” (“Одоб чашмаси”, 1916), “Ганжинаи ҳикмат” (“Ҳикмат хазинаси”, 1914) каби шеърий тўпламлари, “Миръоти ибрат” (“Ибрат ойнаси”, 1914), “Анжумани арвоҳ” (“Арвоҳлар йиғини”, 1912) достонларини ёзган ва нашр қилдирган.

“Миръоти ибрат”да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, деган. “Анжумани арвоҳ”да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва бедилона услуби билан ажралиб турган. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билган.

Сиддиқий Ажзий Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги “Машраб”, “Мулла Мушфиқий” каби ҳажвий журналларни, “Зарафшон” газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. “Майна”, “Гинагина”, “Шашпар”, “Тир”, “Гумном”, “Олмос” имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳали ҳам мавжуд бўлиб, ҳозир ҳам унинг номида.

Ўлими. Сиддиқий 1926 йили қаттиқ касалланиб, 1927 йилнинг июл ойида Самарқандда вафот этган.

Д.Ж.